news

Қарши шаҳри оқова сув тизими модернизация қилинмоқда

28 Iyul 2026, 11:04 5 ko'rildi Administrator

Қарши шаҳри оқова сув тизими модернизация қилинмоқда: сув 95 фоизга тозаланиб, биогомус ишлаб чиқарилади

Вилоятимиз маркази ҳисобланган Қарши шаҳри аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошириш ва ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган оқова сув тизимини модернизация қилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Қарши туманининг «Батош» маҳалласида амалга оширилаётган лойиҳа қиймати 24.44 млн. доллар бўлган “Қарши шаҳри оқова сув тизимини реконструкция қилиш ва қуриш" ишларининг бориши билан яқиндан танишди.

Мазкур лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, Қарши шаҳрида ҳосил бўладиган оқова сувлар замонавий халқаро стандартлар асосида чуқур биологик тозалашдан ўтказилади. Бу эса ҳудуднинг санитария-эпидемиологик барқарорлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим бурилиш нуқтаси бўлади.

Вилоят ҳокими қурилиш майдонида масъуллар ва пудратчи ташкилотлар ахборотини тинглаб, ишларни белгиланган муддатларда ва юқори сифат билан якунлаш, қурилиш жараёнида хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ҳар бир босқични доимий назоратда ушлаш юзасидан тегишли топшириқлар берди.